Телефон доверия: 70-645-39-08 

Республика Узбекистан, 110300, Ташкентская область, Ахангаранский район, ул.Промзона1.

 

 

Юқори Чирчиқ туманида Ўзбекистон – Венгрия картошкачилик илмий маркази очилди

« Назад

Юқори Чирчиқ туманида Ўзбекистон – Венгрия картошкачилик илмий маркази очилди 31.03.2021 16:01

Ташрифнинг асосий тадбирлари 30 март куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. 

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбан тор доирада учрашув ўтказди.

Президент Шавкат Мирзиёев меҳмонни мамлакатимизга ташрифи билан қутлаб, бу ташриф икки давлат ўртасидаги алоқаларда янги даврни бошлаб беришини таъкидлади.

Виктор Орбан юртимизга келганидан мамнунлигини билдириб, Венгрия Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди.

Музокарада сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон – Венгрия муносабатларини ўзаро ишонч ва кенг доирадаги умумий манфаатларга асосланган стратегик шериклик даражасига кўтаришга тайёр эканлигини тасдиқлади. Узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли янги соҳаларни ишга солиш, ишбилармон доиралар ва ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олинди. 

Томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди. Тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича қарашлар ва ёндашувлар умумий экани тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.

Давлатимиз раҳбари пандемия шароитига қарамай Венгриядан шундай катта делегация келгани ўзаро дўстлик ва ҳурмат мустаҳкам эканидан далолат беришини таъкидлади.

Ўзбек ва венгр халқларини муштарак тарихий илдизлар, яқин ҳамкорлик ришталари бирлаштириб келади. Бугунги кунда эса Венгрия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим шерикларидан бири ҳисобланади. Биргаликдаги интилиш ва амалий ишлар натижасида бу шериклик йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда.

Сўнгги тўрт йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми салкам уч баробарга ўсган. Мураккаб пандемия шароитига қарамай, ўтган йили ҳам бу ижобий динамика сақлаб қолинган.

Ишбилармонлар ва ҳудудлар ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилгани бунда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, шу йил февраль ойида Будапештда иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес форум ўтказилган эди. Венгрия Бош вазирининг ташрифи доирасида 29 март куни Тошкентда икки мамлакат Ишбилармонлар кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. 

Музокарада икки томонлама ҳамкорлик бобида ҳали ишга солинмаган жуда катта имкониятлар борлиги таъкидланди. Шу боис асосий эътибор савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий алоқаларни янада ривожлантириш масалаларига қаратилди.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлашни кўпайтириш, савдо ҳажми мувозанатини тенглаштириш, зарур маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади. 

Бу борада Будапештда ташкил этилаётган Ўзбекистон – Венгрия савдо уйи имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Саноат кооперацияси – ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналишидир. Венгриянинг илғор тажрибаси асосида Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, кимё ва машинасозлик соҳаларида янги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.

Ҳудудлар ўртасидаги алоқалар ҳам ривожланмоқда. Самарқанд ва Жиззах вилоятларида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни модернизация қилиш, жумладан, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш борасида Венгрия тажрибасини татбиқ этиш мўлжалланмоқда. Шу мақсадда Венгриядан юқори малакали экспертлар гуруҳи Ўзбекистонга келди.

Давлатимиз раҳбари икки мамлакат ҳудудлари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш, ҳар йили Минтақалар форумини ўтказиш таклифини билдирди.

Венгрия атом энергетикаси, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, меваларни сақлаш ва қайта ишлаш, балиқчилик ҳамда уруғчилик соҳаларидаги илғор тажриба ва технологиялар билан алмашишга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилди.

Мамлакатларимиз соғлиқни сақлаш, илм-фан ва таълим бўйича тажриба алмашиб келмоқда. Жорий ўқув йилида ўзбекистонлик талабалар учун Венгриядаги олий ўқув юртларида 100 дан ортиқ грант ажратилган. 2021 йилда Тошкентда Дебрецен университети иш бошлайди.

Бу соҳалардаги ишларни изчил давом эттириш, илм-фан ва маданият муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олинди. 

Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши каби халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Мутасаддиларга музокараларда эришилган келишувлар ижросини тўлиқ таъминлаш учун “йўл харитаси” ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берилди.

Музокаралар якунида Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон Республикаси билан Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар.

Шунингдек, ташриф доирасида кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Улар Ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, Ташқи ишлар идоралари ўртасида 2021-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги ўртасида англашув меморандуми, Меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим, Атом энергетикаси соҳасида кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик тўғрисида, Инновациялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумлари, Маданият соҳасида ҳамкорлик дастури, Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорвачилик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”, Сув хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳадли битимлардир.

Маросимда икки мамлакат вазирликлари раҳбарлари имзоланган ҳужжатларни алмашдилар.

Ташриф доирасида Ўзбекистонда Дебрецен университетининг таълим дастурларини амалга ошириш тўғрисидаги битим ҳам имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Венгрия билан муносабатлар фаол ривожланиб, сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилганини таъкидлади.

– Бугун очиқ ва амалий руҳда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон – Венгрия муносабатларининг деярли барча йўналишларини атрофлича муҳокама қилдик. Биринчи навбатда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратдик. Сўнгги тўрт йилда товар айирбошлаш деярли уч баробарга ўсган. Бу кўрсаткични келгусида бир неча баробарга ошириш ниятидамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бунинг учун икки мамлакат бозорларига маҳсулотлар етказиб беришни кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, балиқчилик, картошкачилик ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олингани айтилди.

Ташриф доирасида икки мамлакат Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши самарали ўтгани, кўплаб битим ва шартномалар имзолангани қайд этилди.

Икки мамлакатнинг барча ҳудудларини фаол жалб этган ҳолда, ҳар йили Минтақалар форумини ўтказишга қарор қилингани таъкидланди.

Бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон Президенти саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланаётганини қайд этди.

– Венгрия билан Ўзбекистон ҳамкорлигига асос бор эди. Лекин биз савдо айланмасини жуда паст даражадан бошлаган эдик. Оқилона сиёсат ва қатъият эвазига товар айирбошлашда ўсишга эришилмоқда. Президент Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ҳамкорликнинг янги йўналишлари очилмоқда. Бир нечта “флагман” лойиҳалар самарали амалга оширилгани учун ишбилармонлар эркинлик ва ишончни ҳис этиб, ҳаракат қилмоқда, – деди Виктор Орбан.

Шунингдек, меҳмон ўтган йили коронавирус билан боғлиқ қийин эпидемиологик вазиятда Венгрияга кўрсатган ёрдами учун халқимизга миннатдорлик изҳор этди.

Халқаро ва минтақавий масалалар бўйича икки мамлакатнинг қараш ва ёндашувлари ўхшаш ҳамда яқин экани яна бир бор эътироф этилди. Венгрия томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш режаларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, таълим соҳасида алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Фан, маданият ва спорт соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштиришга ҳам келишиб олингани маълум қилинди.

Ўзбек олими Исоқ Иброҳим венгриялик машҳур Ҳерман Вамберининг дўсти ва шогирди бўлган, салкам ўттиз йил Будапештда яшаб, илмий фаолият олиб борган. У машҳур венгр ёзувчиси Янош Ароннинг “Ажойиб оҳунинг ҳикояти” асарини ўзбек тилига таржима қилган. Ушбу асар яқинда давлатимиз раҳбарининг сўзбошиси билан Тошкентда нашр этилди.

Давлатимиз раҳбари ўзбек ва венгр халқлари ўртасидаги тарихий дўстликнинг ёрқин ифодаси бўлган ушбу китобни Венгрия Бош вазири Орбанга тақдим этди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида ташкил этилган Ўзбекистон – Венгрия Картошкачилик илмий марказига ташриф буюрдилар.

Ушбу илмий муассаса Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети билан ҳамкорликда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими негизида ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари бу тармоққа алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Картошка аҳолининг кундалик истеъмол маҳсулотларидан биридир. Унинг сифатли ва арзон бўлиши ҳар бир оила фаровонлигига таъсир қилади.

Картошкага бўлган ички бозор талабини қондириш учун катта миқдорда уруғлик зарур. Ўзбекистонда йилига ўртача 80-90 минг гектар майдонда уруғлик  экилиб, 2,9 миллион тонна картошка етиштирилади. Шунга қарамай, йилига истеъмол учун 200-300 минг тонна, уруғлик учун 15-17 минг тонна картошка четдан келтирилади.

Энди янги марказ Венгриядан келтирилган касалликка чидамли навларни синовдан ўтказиш ва уруғлик картошка ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бу ерда маҳаллий ва хорижий навларни чатиштириш орқали картошка етиштиришнинг барча босқичларида сифатни таъминлашга қаратилган комплекс тизим ишлаб чиқилади. 50 дан ортиқ навлар маҳаллийлаштирилиб, картошкачилик генофонди яхшиланади.

Инновацион усуллар самарасида 2021-2023 йилларда ҳосилдорликни 30-50 фоизгача ошириш мўлжалланган. 2024 йилга бориб, 21 минг тонна уруғлик картошка етиштириш, бу борадаги импорт ўрнини тўлиқ қоплаш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, бакалавр ва магистрлар амалиёти, илмий кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик, мутахассис ва фермерлар ўртасида малака ошириш амалиёти йўлга қўйилиши режалаштирилган.

 Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбан бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.

Илмий марказда «in vitro», ўсимликлар патологияси, картошкани сақлаш физиологияси, сифат назорати бўйича лабораториялар ташкил этилган. Намуналар тайёрлаш, етиштириш ва сақлаш хоналари замонавий жиҳозланган. Марказ фаолиятини йўлга қўйиш учун Венгриядан 4 нафар илмий ходим келган.

Давлатимиз раҳбари мутахассис ва мутасаддилар билан мулоқот қилди. Кадрлар тайёрлашни кенгайтириш, деҳқон ва фермерларни бу ерда ўқитиб, соҳадаги ютуқларни барча ҳудудларга етказиш зарурлигини таъкидлади.

Меҳмонлар фермерлар учун ташкил этилган агрохизматлар маркази, юртимиз қишлоқ хўжалигида қўлланилаётган техника ва технологияларни ҳам кўздан кечирди.

Олий мартабали меҳмон Тошкент шаҳрида венгриялик ҳарбий асирлар дафн этилган қабристонда бўлиб, уларнинг хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига гул қўйди. Шунингдек, пойтахтимиздаги Рим-католик черковига ташриф буюриб, ибодат маросимида иштирок этди.

Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.

ЎзА

Ўзбекистон ва Венгриястратегик шерик

 

http://uza.uz/posts/253209

Нусха олиш


Комментарии


Комментариев пока нет

Пожалуйста, авторизуйтесь, чтобы оставить комментарий.
Авторизация
Введите Ваш логин или e-mail:

Пароль:
запомнить

Ваш блок
Картинка 4 Глайдеры